Special-Economic-Zone

ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ҲУДУДЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Режа:

 

2.1. Эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва фаолият кўрсатишининг ҳуқуқий асослари

2.2. Эркин иқтисодий зонанинг бюджети

2.3. Хориж мамлакатларда «Эркин иқтисодий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунлар ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари

2.4. Эркин иқтисодий зоналарни ташкил этишда вужудга келадиган асоий муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўналишлари

Калит сўзлар: ички ва ташқи, сертификатларштириш, халқаро сифат, экспортбоп маҳсулот, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, терминал, Мамурий кенгаш, экспорт зоналари, молиявий йил, инвестиция лойиҳалари.

2.1. Эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва фаолият кўрсатишининг ҳуқуқий асослари

 

Бугунги кунда иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизациялаш, шу орқали жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқаришга эришиш хорижий инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратишни талаб этади. Албатта, бундай долзарб вазифаларни амалга оширишда эркин иқтисодий зоналар муҳим аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоизки, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш мамлакат ички бозоридаги иқтисодий жараёнларни фаоллаштиришга йўналтирилган чет эл сармоясини жалб қилиш билан бир қаторда қуйидаги имкониятларни яратиб беради:

– инновацион фаолиятни ривожлантириш, илғор технологияларни жорий қилиш, экспорт, шунингдек, транспорт ва телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш;

– саноат маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш, валюта тушумини кўпайтириш, маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, тўлиқ циклда маҳсулот ишлаб чиқарувчи саноат (экспорт) зоналарини ташкил этиш;

– маҳаллий маҳсулот ва хизматларнинг ички ва ташқи бозорларда халқаро сифат, сертификатлаштириш, қадоқлаш талабларини жорий этиш орқали рақобатдошлигини ошириш;

– хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш;

–янги иш жойларини барпо этиш, малакали ишчи-муҳандислар, хўжалик ва бошқарув кадрларини тайёрлаш, малакасини ошириш.

Эркин иқтисодий зоналар мамлакатни халқаро меҳнат тақсимоти жараёнларига янада чуқурроқ жалб қилиш, яъни экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда шу орқали валюта тушумини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, эркин иқтисодий зоналар мамлакат ички бозорларини импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда шу ҳудудда чет эл сармояси ёрдамида юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш имконини беради.

Мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш ва улар фаолиятига доир муносабатлар 1996 йил 25 апрелда қабул қилинган “Эркин иқтисодий  зоналар тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади. Қонуннинг “Эркин иқтисодий зонанинг бошқарув органлари” номли 20-моддасида бу ҳудуд фаолияти эркин зонанинг Маъмурий кенгаши томонидан мувофиқлаштирилиши ҳамда зона дирекцияси эркин иқтисодий ҳудуднинг оператив бошқарув органи эканлиги, “Эркин иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши” номли 21-моддасининг биринчи қисмида эса, Маъмурий кенгаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилиши ҳуқуқий жиҳаттан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу билан бирга, мазкур Қонунга терминалларни бир хил талқин қилиш ва амалдаги қонунчиликдаги тафовутларни бартараф этиш мақсадида бир қатор аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Қонуннинг “Солиқ имтиёзлари” деб номланувчи 14-моддаси номи ва мазмуни Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 12 ва 30-моддаларига мослаштирилди. “Корхоналар, муассасалар, ташкилотларни қайта ташкил этиш ва тугатиш” номли 26-моддасининг иккинчи қисми, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси талабларига мувофиқлаштириш мақсадида, “Корхоналар, муассасалар ёки ташкилотлар қайта ташкил этилган ва тугатилган тақдирда, қонун ҳужжатларда белгиланган кафолатлар меҳнат шартномаси (контракт) бекор қилинаётган ходимда сақланиб қолади” деган таҳрирда баён этилди. Мазкур қонун, моҳият эътиборига кўра, мамлакатимизнинг дунё бозорига интеграциялашувида муҳим ҳужжат бўлиб, унинг «Эркин иқтисодий зонани тузиш» деб номланган 3-моддасига эркин иқтисодий зона Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ташкил этилиши, эркин иқтисодий зонанинг мақоми, шунингдек, унинг қанча муддатга ташкил этилиши мазкур зонани ташкил этиш тўғрисидаги қарор билан белгиланиши, эркин иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш белгиланган муддат тугашидан камида уч йил олдин Президент қарори билан амалга оширилиши киритилди. 4-моддада эса, эркин иқтисодий зонанинг мақоми уни ташкил қилиш тўғрисидаги қарорда белгиланган муддат тугаганда, уни ташкил этиш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган вазифалар бажарилмаганда тугатилиши белгиланди.

Халқаро майдонда ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий ҳудудлар нафақат қонунни, балки халқаро шартномалар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилган барча талабларни ҳам  бажаришлари зарур. Бундай ҳужжатлар таркибига 1973 йилнинг 18 майида  қабул қилинган Киото конвенцияси ҳамда Европа Иттифоқи кенгашининг 1988 йил 15 майдаги «Эркин божхона ҳудудлари ва омборлари тўғрисида»ги қарорлариини  киритиш мумкин. Бу қарорлар асосида ЭИҲларда маҳсулотни импорт ва экспорт қилиш, божхона ҳудудларига кириш ва чиқиш, омборхоналарда маҳсулотни сақлаш тартиблари тўлиқ кўрсатилган бўлиб, бу талабларнинг бажарилиши  мажбурий ҳисобланади.

Эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари қуйидаги тўловлардан озод қилинди[1]:

-ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалардан;

-ўзининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ускуналар, хом-ашё, материал ва бутловчи буюмлар, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган қурилиш материаллари учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари).

Кўрсатиб ўтилган имтиёзлар 3 йилдан 10 йилгача муддатни ўз ичига олган бўлиб, бунда киритилган сармоялар миқдори инобатга олинади:

300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар – 3 йил муддатга;

3 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар – 5 йил муддатга;

5 миллион АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар – 7 йил муддатга;

10 миллион ва ундан кўп АҚШ доллари ҳажмидаги инвестициялар сўнгги 5 йилда амалдаги ставкалардан 50 фоиз кам ҳажмдаги даромад солиғи ва ягона солиқ тўлови ставкалари қўлланган ҳолда – 10 йил муддатга берилади[2].

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ[3]:

-2019 йилдан бошлаб эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришнинг шарти сифатида фаолият бошланганидан кейин иккинчи молиявий йили якунларига кўра, икки йил давомида йиллик ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 25 фоизидан кам бўлмаган, кейинги йилларда 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда экспорт қилиш белгиланади. Мазкур шартлар бажарилмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектининг эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақоми ҳамда аввал тақдим этилган имтиёзлар бекор қилинади;

-эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича маъмурий кенгашлар томонидан қарорлар бизнес-режалар ва техник-иқтисодий асосларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” (кейинги ўринларда – Марказ) ДУКнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда қабул қилинади;

-марказнинг амалга оширилаётган лойиҳалар бизнес-режалари ёки уларнинг техник-иқтисодий асосномалари бўйича хулосалар бериш муддатлари йигирма календарь кунидан ошмаслиги лозим;

-маъмурий кенгашлар томонидан ишлаб чиқариш лойиҳаларини эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомаларини кўриб чиқиш муддати Марказ томонидан хулоса бериш жараёни билан бирга ўттиз календарь кунидан ошмаслиги лозим;

-эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан божхона имтиёзлари қўлланган ҳолда импорт қилинган товарларнинг божхона расмийлаштируви товарлар рўйхатини ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича Марказнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади;

-эркин иқтисодий зоналар қатнашчиларига берилган имтиёзлар фақат эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга татбиқ этилади.

 

 

 

 

 

 

 

2.1-жадвал

Ўзбекистон Республикасида ЭИҲлар фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари

Ҳужжат номи Ҳуқуқий асос тури Қабул қилинган сана
1 Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 1996 йил 25 апрель
2 Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон республикаси президентининг

Қарори

2017 йил 25 октябрь
3 “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони 2017 йил 6 декабр
4 Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркини ташкил қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони 2017 йил 5 июн
5 Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони 2016 йил 26 октябр
6 «Ургут», Ғиждувон», Қўқон» ва Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони 2017 йил 12 январ
7 Навоий вилоятида эркин иқтисодий

зона ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон республикаси

Президентининг

Фармони

2008 йил 2 декабр
8 Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон республикаси вазирлар маҳкамасининг

Қарори

2017 йил 10 апрел
9 Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида Низом 2017 йил 10 апрел
10 «Яшнобод» технопаркининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши тўғрисида Низом 2017 йил 5 июл

 

Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш

Эркин иқтисодий зоналарда зона фаолиятин  тартибга солувчи орган маъмурий кенгаш бўлиб ҳисобланади. Маъмурий кенгашни раис бошқаради ва унинг ваколатларига қуйидагилардан иборат:

маьмурий кенгашнинг кун тартибини белгилаш ва кенгаш аъзоларини йиғиш;

маъмурий кенгаш томонидан қабул қилган қарорлар ижросини таьминланишини назоратини ташкил этиш;

белгиланган вазифаларини бажариш бўйича маъмурий кенгаш аъзоларини ишларини мувофиқлаштириш;

маъмурий кенгашнинг самарали ишини таъминлаш учун қонун билан тақиқланмаган бошқа харакатларни амалга ошириш;

маъмурий кенгашнинг ишчи органи этиб Қоракалпоғистон Республикаси инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Тошкент шахри ва вилоятларнинг инвестициялар бўйича бош бошқармалари хисобланади.

Ишчи орган:

маъмурий кенгашларнинг навбатдаги йиғилишига барча зарур материалларни ўз вақтида тайёрлашни таьминлайди, маҳаллий ижро этувчи ва хўжалик бошқаруви органларидан ҳамжа кенгаш аьзоларидан зарур материаллар ва хулосаларни олишга хақлидир;

маъмурий кенгаш кун тартибини унинг аьзолари, лойиха ташаббускорлари, инвесторлар, манфаатдор вазирлик, идоралар ва ташкилотлар таклифларини инобатга олган ҳолда шакллантиради ва маъмурий кенгаш раисиги келишиши учун киритади;

кун тартибидаги масалаларга боғлиқ  аналитик маълумотларни, шу жумладан маъмурий кенгаш қарорларига мувофиқ материалларни тайёрлайди ва олдиндан кенгаш аъзоларига тақдим этади;

маьмурий кенгаш мажлисининг баённомаларини юритиш ва кенгаш аъзолари билан келишишни таъминлаш;

маъмурий кенгаш қарорларини бажарилишини назорат қилади;

маъмурий кенгаш аъзоларини мунтазам равишда кенгаш қарорларини ижроси бўйича хабардор қилади;

маъмурий кенгаш йиғилишларни зарурат бўлганда ўтказади, лекин хафтада камида бир марта бўлиши керак;

йиғилишни маъмурий кенгаш раиси унинг йўқлигида эса, маъмурий кенгаш раисининг ўринбосари бошқаради;

маъмурий кенгаш йиғилишида рўйхатга олиш тугаган бўлса,  йиғилишда қатнашиш учун маъмурий кенгаш аъзоларининг учдан икки қисми рўйхатга олинган бўлса йиғилиш ўтган ҳисобланади;

маъмурий кенгашнинг қарорлари йиғилишда қатнашган аъзоларнинг овоз бериш йўли билан амалга оширилади, агар овозлар тенг бўлса, маъмурий кенгаш раисининг овози хал қилувчи қарор ҳисобланади;

маъмурий кенгашнинг ҳар бир аьзоси қабул қилинган қарорлар юзасидан ўз фикрини ёзма равишда баён этиш хуқуқига эга;

маьмурий кенгаш раиси алоҳида масалалар бўйича тезкор қарорлар қабул қилиш мақсадида, администарция кенгаши аъзолари билан мулоқот йўли орқали қарор қабул қилиши мумкин;

маъмурий кенгаш қарорлари маьмурий кенгаш мажлисининг баённомаларида қайд этилади. Маъмурий кенгаш мажлисининг баённомаси унинг барча аьзолари, котиб томонидан имзоланади ва маъмурий кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва уч кун ичида маъмурий кенгаш ва ташкилотларга юборилади.

Маъмурий кенгаш баённомасининг асл нусхаси ва унга тегишли материаллар ишчи органда сақланади;

Ишчи орган маъмурий кенгаш қарорларини бажарилишини мунтазам равишда кўриб чиқади ва ўрганиб боради, зарур холларда маъмурий кенгаш раисига тегишли таклифларни киритади;

Маъмурий кенгаш аъзоларидан бирининг ташаббуси билан маъмурий кенгашнинг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказиш мумкин. Маъмурий кенгашнинг фавқулотда мажлисини ўтказиш учун асосли талабнома ишчи органга ёзма равишда юборилади;

Маъмурий кенгашнинг кейинги мажлиси кун тартибига киритилган масалалар ишчи орган томонидан маъмурий кенгашнинг хар бир аъзосига уни ўтказиш санасидан икки кун олдин юборилади.

ЭИҲ дирекциясининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари

ЭИҲ фаолиятини тезкор бошқариш Дирекция томонидан амалга оширилади.

ЭИҲ дирекциясининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қўйидагилар белгиланган:

маъмурий кенгашнинг қабул қилинган қарорларига мувофиқ ЭИҲ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказади, шунингдек уларнинг реестрини олиб боради;

маъмурий кенгаш қарорларига мувофиқ инвесторлар билан ЭИҲ ҳудудида инвестициялаш тўғрисида битимлар, давлат мулкини “нол”га тенг харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида ЭИҲ қатнашчилари билан шартномалар тузади;

ЭИҲ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни қидиради ва жалб этади;

ишлаб чиқилган ЭИҲ бош режаси ва Маъмурий кенгаш қарори билан маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштиради;

ЭИҲ ҳудудидаги ер участкалари тўғридан-тўғри тегишли вилоятлар маъмурий кенгашлари тасарруфида бўлади(“Навоий” ЭИҲдан ташқари) ва ЭИҲ қатнашчиларига белгиланган тартибда берилади;

дирекциялар маъмурий кенгашлар қарорлари ва ишлаб чиқилган ЭИҲ бош режаси асосида маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришни, биринчи навбатда, фаолият юритмаётган, бўш турган бино, иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар негизида ва муҳандислик инфратузилмаси мавжуд ҳудудларда амалга оширади;

битимда инвестиция лойихаларини жойлаштиришнинг шарти сифатида фаолият бошланганидан кейин иккинчи молиявий йили якунларига кўра, икки йил давомида йиллик ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 25 фоизидан кам бўлмаган, кейинги йилларда 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда экспорт қилиш белгиланади;

«ягона дарча» тамойили асосида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур бўлган барча рухсатномаларни беришни ташкил этади;

белгиланган тартибда танлаб олинган инвесторлар томонидан ўз зиммаларига қабул қилинган мажбуриятларнинг зарур тарзда бажарилишини тизимли назорат қилади, кейинчалик натижаларни Маъмурий кенгашга тақдим этади;

эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларининг ишлаб чиқариш қувватларини ўз вақтида ишга тушириши, маҳсулотларни экспорт қилиши, янги иш ўринлари яратиши ҳамда инвестициявий мажбуриятларни бажариши устидан тезкор назорат олиб бориш имконини берувчи ЭИҲлар ҳудудида инвестиция лойихаларини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимига маълумотларни жойлаштириш учун хар ойнинг 5 санасигача Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг худудий бош бошқармаларига тўлиқ ва ишончли маьлумотларни тақдим этади;

ЭИҲ ҳудудида жойлашган давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектларини ўзига берилган ваколатлар доирасида бошқаради;

ЭИҲ ҳудудидаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва корхоналарнинг тўхтовсиз фаолият юритишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда ЭИҲ қатнашчиларига кўмаклашади;

ЭИҲни ривожлантириш дастурининг амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда маъқулланган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича ҳисобот бериш;

эркин иқтисодий зоналарнинг бош режалари ва архитектура-режалаштириш ишларини ишлаб чиқишда буюртмачи сифатида иштирок этиш;

экологик ҳолатнинг яхшиланиши устидан назоратни таъминлайди, шунингдек, ЭИҲ ҳудудида жойлашган тарихий-маданий бойликларнинг бут сақланиши учун жавоб беради;

ЭИҲ фаолиятини бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга оширади;

ЭИҲ қатнашчиларининг бошқа соҳалардаги фаолиятини тартибга солиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

ЭИҲ ҳудудида давлат органларининг фаолияти ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини қўллаш эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш бўйича «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида, Президент қарорларида ва уларни ижро этиш мақсадида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, инвестициялаш тўғрисидаги халқаро шартномалар ва битимларда, шунингдек, ушбу Низомда назарда тутилган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

ЭИҲ ҳудудида шаҳарсозлик фаолияти ЭИҲнинг бош режасига мувофиқ амалга оширилади.

2.2. Эркин иқтисодий зонанинг бюджети.

Дирекция Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг худудий бошқармалари билан келишган ҳолда ҳар йили тегишли молиявий йил учун ЭИҲнинг мустақил бюджети лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Маъмурий кенгашга тақдим этади.

ЭИҲнинг мустақил бюджети қуйида келтирилганлар ҳисобидан шакллантирилади:

  • давлат мулки бўлган ва ЭИҲ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан тушумлар;
  • хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;
  • Республика кенгаши томонидан белгиланган миқдорда ЭИҲ қатнашчиларининг ажратмалари ва ЭИҲ қатнашчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлари;
  • Ўзбекистон Республикасининг тегишли йилга Инвестиция дастурида назарда тутилган мақсадли бюджет маблағлари;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

ЭИҲ бюджети маблағларидан қуйидаги йўналишларда фойдаланилади:

  • маблағлари ЭИҲ инфратузилмасини ривожлантиришга ва унинг фаолият кўрсатиши самарадорлигини оширишга йўналтириладиган ЭИҲни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш;
  • белгиланган тартибда Дирекция таъминоти;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг ЭИҲ ташкил этиш тўғрисидаги тегишли қарорини бажаришга йўналтирилган бошқа вазифалар амалга оширилишини молиялаштириш учун фойдаланилади.

ЭИҲни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланади. Дирекциянинг штат жадвали ва харажатлари сметаси Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланади.

Шунингдек бу борада Вазирлар Маҳкамаси қуйидагиларни амалга оширади:

  • маъмурий кенгашлар ва эркин иқтисодий зоналар дирекциялари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш;
  • ЭИҲлар худудида лойиҳаларни амалга оширувчи инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотни экспортга етказиб беришни кўпайтириш мақсадида қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш;
  • ЭИҲлар дирекциялари фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатиш, вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органларига ҳамда эркин иқтисодий зоналар дирекциялари зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини таъминламаган рахбарларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш тўғрисида таклифлар киритиш;
  • ЭИҲларнинг иштирокчиси мақомини тўхтатиш ёки бекор қилиш, маъмурий кенгашлар, эркин иқтисодий зоналар дирекциялари ёки бошқа органлар ва ташкилотларнинг инвесторлар томонидан ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармагани тўғрисидаги тақдимномалари асосида маъмурий кенгашларнинг хўжалик юритувчи субъектларни эркин иқтисодий зоналар худудида жойлаштириш бўйича қарорларини бекор қилиш;

ЭИҲ ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ва ЭИҲ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган алоҳида низом билан тартибга солинади.

ЭИҲ қатнашчисига бериладиган гувоҳнома унинг ЭИҲ ҳудудидаги фаолиятига нисбатан унинг алоҳида солиқ режими ва божхона имтиёзларини қўллаш ҳуқуқларининг тасдиғи ҳисобланади.

ЭИҲ қатнашчисига, у белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилгандан кейин ЭИҲ ҳудудидаги фаолиятга тегишли қисми юзасидан инвестициялаш тўғрисидаги тегишли битимда мустаҳкамланган  қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

  • ЭИҲ қатнашчиси инвестициялаш тўғрисидаги битим бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга беришга ҳақли эмас;
  • ЭИҲ қатнашчиси бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар;
  • ЭИҲ ҳудудида фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш ҳуқуқига эга;
  • ЭИҲ қатнашчилари томонидан Ўзбекистон Республикасида ЭИҲ ҳудудидан ташқарида ўз филиалларини ташкил этишга йўл қўйилмайди;
  • ЭИҲлар катнашчиларига берилган имтиёзлар фақат ЭИҲлар ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга татбиқ этилади;
  • ЭИҲ қатнашчиси мақомидан маҳрум этишга Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан, ЭИҲ Дирекциясининг асослантирилган таклифлари бўйича ёки суд тартибида йўл қўйилади;
  • Инвестиция киритиш тўғрисидаги битимларда назарда тутилган инвестиция лойиҳаси параметрларини бажариш бўйича белгиланган мажбуриятларнинг хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилмаслиги тадбиркорлик субъектини ЭИҲ иштирокчиси мақомидан белгиланган тартибда маҳрум этиш учун асос ҳисобланади;
  • ЭИҲ иштирокчиси мақомидан маҳрум бўлган тадбиркорлик субъектидан, зарур ҳолларда, ер участкасини олиб қўйиш қонунчиликка ҳамда инвестор билан тузилган инвестиция киритиш тўғрисидаги битим ёки бошқа шартномаларга мувофиқ амалга оширилади;
  • Тадбиркорлик субъектининг ЭИҲ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилиши унинг ЭИҲ ҳудудида фаолияти тўхтатилишига ҳамда мулкка эгалик ҳуқуқи бўйича ЭИҲ қатнашчисига тегишли бўлган бошқа объектларга нисбатан ҳуқуқларнинг бекор бўлишига олиб келмайди;
  • ЭИҲ ҳудудидаги фаолиятга доир низолар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва инвестициялаш бўйича битимларга мувофиқ ҳал этилади[4].

2.3. Хориж мамлакатларда «Эркин иқтисодий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунлар ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари

Халқаро майдонда ташкил этилган эркин иқтисодий ҳудудлар фаолияти  шуни  кўрсатмоқдаки, бу давлатларнинг барчасида турли даврларда «Эркин иқтисодий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинган. Масалан, бу борадаги қонун АҚШда 1934 йилда қабул қилиниб, кейинчалик унга кўплаб ўзгартиришлар киритилган бўлса, 1946 йилда Мексикада, 1970 йилда Жанубий Кореяда,  1978 йилда Руминияда, 1982 йилда Венгрияда, 1984 йилда Буюк Британия  ва  Словенияда, 1985 йилда Колумбияда, 1987 йилда Болгарияда, 1992 йилда Украинада, 1990 йилда Қозоғистонда, 1996 йил апрелда Ўзбекистонда қабул қилинган эди.

Украинада «Эркин иқтисодий ҳудудлар тўғрисида»ги қонун 1992 йилнинг  13 октябрида Олий кенгаш томонидан қабул қилинган бўлиб,  у 10 дан ортиқ  бўлимдан иборат. Украинада ташкил этиладиган ҳар бир ЭИҲ учун алоҳида қонун  ишлаб чиқилиши  кўрсатилган бўлса, Қозоғистонда бу борада алоҳида қарор қабул қилиниши билан кифояланилади. Шунингдек, Қозоғистонда ЭИҲларни ташкил этишдан олдин мазкур ҳудудда яшайдиган маҳаллий аҳолининг фикри ҳисобга олинган бўлса, Украинада бундай эмас. Ўзбекистонда қабул қилинган “Эркин иқтисодий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунда эса ҳар бир ЭИҲ Вазирлар Маҳкамасининг тақдимномасига асосан Олий Мажлис қарори билан ташкил этилиши белгилаб қўйилган.

2.2.-жадвал

ХХР ҳамда Ўзбекистон қонунчилигида эркин иқтисодий ҳудудларга таъриф*

Мамлакат Таъриф
Хитой Махсус эркин иқтисодий ҳудудлар-ташқи иқтисодий фаолиятнинг соддалаштирилган имтиёзли тизими қўлланиладиган ҳудудлар
Ўзбекистон Эркин иқтисодий зона-минтақани жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун мамлакат ва чет эл капиталини, истиқболли технология ва бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида тузиладиган, аниқ белгиланган маъмурий чегаралари ва алоҳида ҳуқуқий тартиботи бўлган махсус ажратилган ҳудуддир

*Ўзбекистон Республикаси “Эркин иқтисодий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонун асосида муаллиф томонидан тузилган

Ўзбекистон билан  Украинада Маъмурий кенгашга берилган вакиллик ҳуқуқлари бир-бирига ўхшаб кетади. Қозоғистонда эса солиқ, божхона ва молия масалалари бўйича имтиёзларни белгилаш маъмурий кенгаш томонидан амалга оширилади. ЭИҲларга бериладиган ҳар қандай имтиёзлар Республиканинг Олий Мажлиси томонидан тасдиқланган мазкур ҳудудни ташкил этиш тўғрисидаги қарорида кўрсатилган бўлиб, улар аввалдан Давлат Солиқ ва Божхона Қўмиталари билан келишилган ҳолда амалга оширилмоғи лозим. Ўзбекистонда ЭИҲнинг ижрочи директори бўлиб, чет эл фуқароси ҳам тайинланиши мумкин. Ўзбекистон ва Украинада чет эл инвесторларига ҳуқуқлар кенгроқ берилган, лекин Қозоғистонда ижрочи директор бўлиб фақат мамлакат фуқароси тайинланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикасида эркин иқтисодий ҳудудни ташкил этиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:

  1. Эркин иқтисодий ҳудудни ташкил этиш тўғрисида маҳаллий ҳоқимиятнинг қарори;
  2. Эркин иқтисодий ҳудудга берилган мавқе, бошқарув органлари ва низом лойиҳаси;
  3. Мазкур ҳудуднинг аниқ тасвирланган харитаси;
  4. Ташкил этиладиган ҳудуднинг техник-иқтисодий асосномаси;
  5. Эркин иқтисодий ҳудудни ташкил этиш тўғрисидаги қарорнинг лойиҳаси ва бошқалар.

2.4. Эркин иқтисодий зоналарни ташкил этишда вужудга келадиган турли муаммолар

Ҳар қандай ЭИҲни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари бўлиб, бошқарув органларининг фаолияти, мулк ва ижара муносабатлари, ташқи иқтисодий алоқалари, божхона тартиби, солиққа тортиш масалалари ва имтиёзлар, хўжалик субъектлари ўртасидаги низоларни кўриб чиқиш каби масалалар ҳисобланади. Бу борада қонунчилик базасини яратишга бир неча йиллар керак бўлади. Масалан, Гондурас давлатида эркин иқтисодий ҳудудлар учун барча акциядорлар талабига мос келадиган қонунчилик базасини яратишга 25 йил керак бўлди. Қонунчилик базасининг биринчи қисми 1976 йилда кучга кирди. Вақт ўтиши билан ҳукумат бир неча янги қонунчилик ҳужжатларини қабул қилди[5].

Эркин иқтисодий ҳудудларда хўжалик субъектлари ўртасидаги низолар икки хил кўринишда (эркин иқтисодий ҳудудда фаолият кўрсатаётган хўжалик субъектлари ўртасидаги ўзаро низолар, эркин иқтисодий ҳудуд маъмурияти ва хўжалик субъектлари ўртасидаги низолар) бўлиши мумкин:

-биринчи кўринишдаги низоларни ҳал этиш маъмурий кенгашда ёки  ЭИҲда халқаро экспертчи бўлиб қатнашиш ваколатига эга бўлган арбитражда ҳам кўриб чиқилиши мумкин;

-низоларнинг иккинчи кўриниши, яъни хўжалик субъектлари ва маъмурий кенгаш ўртасидаги низоларни кўриб чиқиши учун махсус арбитраж органи ташкил этилиши лозим.

Масалан, Хитойда ташкил этилган ЭИҲлардаги маъмурий кенгаш ва хўжалик субъектлари ўртасидаги низоларни Тяньцзин шаҳридаги махсус арбитраж кўриб чиқади. Арбитражга қўшимча равишда ЭИҲда  ишлаб чиқарилган ва шунингдек  олиб келинаётган маҳсулотларни техник жиҳатдан экспертиза қилиш ҳуқуқи ҳам берилган.

Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган қонуннинг 27 моддасида «… низолар халқаро шартномалар ва келишувларда кўзда тутилмаган бўлса… судларда ҳам кўриб чиқилиши мумкин…» деб кўрсатиб ўтилган.

Мамлакатимизда инвестиция сиёсатининг муҳим устувор йўналишларини амалга оширишда замонавий юқори технологияли асбоб-ускуна ва инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига жаҳон бозорларида рақобатбардош маҳсулотларни кенг кўламда ишлаб чиқариш, экспортга мўлжалланган ва импортнинг ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш, республикада мавжуд хом ашёни чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришда хорижий инвестициялар иштирокини таъминлаш, биринчи галда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишга кенг эътибор қаратилмоқда. Ушбу иқтисодий ўсиш йўлини қай даражада самара бераётганлигини мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб Президентимиз томонидан белгилаб берилган ва дунё ҳамжамиятида “ўзбек модели” деб ном қозонган, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш йўли нақадар тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда.

Чет эл инвестицияларини жалб қилиш, чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш, инвестиция фаолияти билан боғлиқ мустаҳкам қонунчилик базаси ишлаб чиқилган бўлиб, улар қаторига “Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида”ги, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этишни ва уларнинг фаолиятини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Хорижий сармоялари бўлган корхоналар ишлаб чиқарадиган маҳсулот экспортини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида”ги, “Ангрен” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги ҳамда “Жиззах махсус индустриал зона барпо этиш тўғрисида”ги Фармонларининг қабул қилиниши ушбу мақсадларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада эришаётган ютуқларимизни ва барқарор ривожланаётган иқтисодиётимиз, чет эл инвесторларига яратилаётган кенг шарт-шароитлар ҳамда кафолатларни йирик халқаро ташкилотлар, молия институтлари раҳбарлари, эксперт ва мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси миссияси раҳбари Вероника Бакалунинг фикрича: “Глобал иқтисодиётнинг аҳволи ёмонлашганига қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти жадал суръатлар билан юксалмоқда. Кучли бюджет ва ташқи позиция, банк тизимининг барқарорлиги ва давлат қарзининг пастлиги барқарор макроиқтисодий натижаларга эришиш имконини бермоқда”.

Мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини модернизация қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизациялаш, шу орқали жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқаришга эришиш хорижий сармояларни, энг аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мамлкатимизнинг Навоий, Жиззах ва Ангрен ҳудудларида махсус индустриал зоналар ташкил қилинди.

Ушбу амалга оширилган чора-тадбирлар ўз навбатида, инновацион фаолиятни ривожлантириш, илғор технологияларни жорий қилиш, экспорт, шунингдек, транспорт ва телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш, маҳаллий маҳсулот ва хизматларнинг ички ва ташқи бозорларда халқаро сифат, сертификатлаштириш талабларини жорий этиш орқали рақобатбардошлигини ошириш, янги иш жойларини барпо этиш, малакали ишчи-муҳандислар, хўжалик ва бошқарув кадрларини тайёрлаш ва улар малакасини ошириш каби бир қатор муҳим масалаларни ҳал этиш имконини беради.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирги вақтда халқаро транспорт логистикасининг глобал тармоғида барқарор ўрин эгаллаган “Навоий” аэропорти базасидаги Халқаро логистика марказини янада ривожлантиришга муҳим аҳамият бермоқда.

Ўзбекистонда ЭИҲларни бошқа вилоятларда,  Тошкент шаҳри ёки Фарғона водийси атрофида технопарклар кўринишида ҳам ташкил этиш мумкин. Навоий ЭИҲнинг барпо этилиши индустриал-инновацион иқтисодиётни ташкил қилиш йўналишида Ўзбекистоннинг саноат сиёсатида янги босқичдир. Республиканинг бошқа минтақаларидан инновациялар ва инвестицияларнинг бу ҳудудга босқичма-босқич кириб келиши мультипликация самарадорлиги учун муҳим аҳамиятга эга.

Назорат учун саволлар

  1. Мамлакатимизда ЭИҲларнинг фаолияти қандай ҳуқуқий асосларга таянади?
  2. 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида ЭИҲларни ривожлантиришнинг қандай асосий вазифалари илгари сурилмоқда?
  3. ЭИҲ дирекцияси ЭИҲ фаолиятида қандай вазифаларни бажаради?
  4. Ўзбекистонда ЭИҲларнинг бюджети қандай шакллантирилади?
  5. ЭИҲлар мамлакатимизда қандай иқтисодий муаммоларнинг ечими бўла олади?

[1] Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида”ги низом. http://lex.uz/docs/3160010

[2][Электрон ресурс]: http://kun.uz/17422608

[3] [Электрон ресурс]: http://uza.uz/oz/documents/erkin-i-tisodiy-zonalar-faoliyatini-muvofi-lashtirish-va-bosh-21-12-2018

[4] https://regulation.gov.uz/oz/document/1689

[5] Thomas Farole, Cokhan Akinci,  Secial Economiz zones, The World Bank, 2011, p55.

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *