1525406505_2

ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ҲУДУДЛАР ВА МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ

Режа:

  • Эркин иқтисодий зоналарнинг макроиқтисодиётдаги аҳамияти
  • Эркин иқтисодий зоналарнинг микроиқтисодиётда тутган ўрни
  • Эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши натижасида   тадбиркорлар  даромадининг ўзгариши
  • Мамлакатда эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши унинг экспорт потенциалини ошириш омили сифатида

Калит сўзлар: макроиқтисодиёт, микроиқтисодиёт, инвестиция, тўлов баланси, холдинг, траст, корпоратив компаниялар, хўжплик харажатлари, ички кредитлар

4.1.Эркин иқтисодий зоналарнинг макроиқтисодиётдаги аҳамияти

ХХ асрнинг иккинчи ярми мамлакатларнинг очиқ ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланишида прогрессив кўрсаткичлар бўлган давр сифатида характерланади. Ана шундай прогрессив кўрсаткичларда мамлакатлар томонидан фаол инвестицион муҳитни, инновацион ривожланишни ҳамда тўсиқларсиз эркин савдони ўзида мужассамлаштирган эркин иқтисодий ҳудудлар муҳим ўрин эгаллайди.

4.1.-жадвал

Жаҳон хўжалигида фаолият олиб бораётган ЭИЗ[1]

Дунё минтақаси 2017 йилдаги ЭИЗлар сони
Африка 145
Осиё 841
Европа 501
Америка 634
Австралия 10

 

ХХI асрга келиб дунёнинг қайси бир иқтисодий хўжалигига назар ташламайлик, давлат томонидан алоҳида иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий режимга эга бўлган ҳудудларнинг-эркин иқтисодий ҳудудларнинг мавжудлигини кўрамиз. Шу сабабли ҳам бугунги кунга келиб жаҳон хўжалигида уларнинг сони 147 та мамлакатда 5400 тани ташкил этганига гувоҳ бўламиз (4.1-жадвал). Улар орасида мамлакатимизда ташкил этилган ЭИЗлар мавжуд. Мамлакатимизда 2008-2016 йиллар давомида фақатгина 3 та эркин иқтисодий зона ташкил этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сон ҳамда “Ургут», Ғиждувон», Қўқон» ва Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида” ги 2017 йил 12 январдаги ПФ-4931-сон фармони[2] ва бош асосида кейинги қисқа вақт мобайнида уларнинг сони 21 тага етказилди. Бугунги кунда республика бўйича 10 та эркин ишлаб чиқариш зонаси, 8 та фармацевтика, 1 тадан туризм, балиқ хўжалиги ҳамда агросаноат соҳасини ривожлантириш, инновацион йўналишидаги эркин иқтисодий зоналар фаолият юритмоқда.

4.2.-жадвал

Global Free Zones 2018 бўйича дунёдаги энг яхши ЭИЗ[3]

ЭИЗ Мамлакат
Amata City CHonburi Таиланд
Free Zone Pirot Сербиа
Łódź Special Economic Zone Полша
Hamriyah Free Zone БАА
Panama Pacifico Панама
SHanghai Waigaoqiao Free Trade Zone Хитой
Mauritius Freeport Мавритания
Jebel Ali FreeZone БАА
Aequs Special Economic Zone Ҳиндистон

 

Жаҳон хўжалигида эркин иқтисодий ҳудудлар қайси мамлакатда ташкил этилишидан қатъий назар шу мамлакатнинг  макро ва  микроиқтисодиёти учун муҳим аҳамият касб этади. Макроиқтисодий сиёсатда ЭИҲлар мамлакатларнинг  иқтисодий ўсиш динамикаси ва баҳолаш системасига, пул муомаласи ва эмиссиясига, товарлар ва хизмат кўрсатиш турларининг экспорт ва импортига, ташқи тўлов баланси ҳолатига, олтин-валюта заҳиралари миқдорига, чет эл капитали қўйилмаларининг миқдорларига, валюта курсининг ҳаракатига, ташқи савдосига, шунингдек тўлов механизмларини ташкил этишга ўз таъсирини кўрсатади. Бу таъсир доираси дастурларида ўзгарувчан иқтисодий ҳолатлар (масалан, ички кредитлар, давлат секторидаги бюджет камомади, халқаро резервлар ва ташқи қарзларни ҳисобга олиш ва ҳоказолар) ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Эркин иқтисодий ҳудудларнинг фаолият кўрсатиши учун энг муҳим омилларидан бири бўлиб, мамлакатдаги сиёсий барқарорлик, чет эллик инвесторлар ва шунингдек молиявий институтлар ҳисобланган Халқаро Валюта Фонди (ХВФ) ва Халқаро ривожланиш ва тараққиёт банки (ХРТБ)  билан ҳамкорлик ҳисобланади. Чунки, бу икки молиявий институтлар жаҳон мамлакатларидаги молия ва валюта муносабатларининг умумий ҳажмини бошқариб, давлатлар тўлов балансларининг камомадларини ўз кредитлари орқали қоплайди.

4.2. Эркин иқтисодий зоналарнинг микроиқтисодиётда тутган ўрни

Эркин иқтисодий ҳудудларнинг ташкил этилиши юқорида кўриб ўтганимиздек, нафақат макроиқтисодиётда, балки микроиқтисодиётда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки ЭИҲлар таркибида холдинг, траст ва турли корпоратив компаниялар ташкил этилиб фаолият кўрсатишлари ҳам мумкин.

Траст компаниялари таркибига траст операцияларини амалга оширувчи траст компаниялари ёки траст фондларини киритиш мумкин.  Бизга тарихдан маълумки, траст компаниялари ёки траст фондлари мулкни ишонч асосида бошқариш учун ташкил этилган. Траст операцияларини олиб бориш жараёнида бошқарув субъектлари ҳам бўлиб, унда қуйидагилар иштирок этади:[4] – мулкни бошқарувчи (траст компаниялари), яъни бевосита ишониб топширилган мулкни бошқарадиган жамоа;  – бошқаришни ташкил этувчилар ёки таъсисчилар;  – фойда олувчилар. Бошқарув объекти бўлиб эса, бошқариш учун топширилган мулк иштирок этади.

Эркин иқтисодий ҳудудлар таркибида холдинг компаниялар ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. Холдинг компаниялар очиқ турдаги акционерлик жамиятлар ҳисобланиб, унинг активлари таркибига бошқа корхоналарнинг акцияларини назорат пакетлари ҳам кириб, ҳолдинг компанияларига ушбу корхоналарнинг капитал қўйилмаларини тақсимланишида ва акциядорларнинг умумий йиғилишида асосий овоз бериш билан иштирок этиш ҳуқуқи берилган. Назорат пакетларининг умумий қиймат миқдори антимонопол ташкилот томонидан махсус ҳужжатларидан келиб чиққан ҳолда белгилаб берилади. Акцияларнинг назорат пакетлари ҳолдинг активи бўлиб ҳисобланган корхоналар-холдингнинг қаромоғидаги корхоналар бўлиб ҳисобланади. Бундай корхоналар мустақил юридик шахс ҳисобланиб, банкларда махсус ҳисоб, жорий ва валюта ҳисоб рақамларига эга бўлади.

Эркин иқтисодий ҳудудларнинг ташкил қилиниши янги ишчи ўринларининг яратилишида, саноатлашиш ҳамда минтақада қашшоқликнинг бартараф этилишида муҳим имкониятлар тақдим этади[5]. Ушбу фикрларни “Навоий” ЭИҲ мисолида кўрадиган бўлсак,  “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ўзининг қулай географик жойлашуви, логистика имкониятлари юқорилиги билан инвесторларни ўзига жалб қилиб келмоқда. “FDI” халқаро журнали томонидан ўтган йилда мазкур иқтисодий ҳудуд субъект Марказий Осиёдаги “2016 йилнинг энг яхши эркин иқтисодий зонаси” сифатида эътироф этилган.[6] Бундай эътироф худуднинг самарали фаолиятига ҳам таъсир кўрсатади. Шу сабабли “Навоий” ЭИҲ ҳудудида жойлашган асбоб-ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмларни эркин божхона зонаси режимидан божхона тўловларини тўламасдан, экспорт божхона юк декларацияси, сертификатлар ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасида рухсат берувчи бошқа ҳужжатларини тақдим этмасдан эркин муомалага чиқариш режимига қайта расмийлаштиришга рухсат этилди.[7]

4.1.-расм. Навоий ҳамда Бухоро вилоятларида ЯҲМнинг ўсиш тенденциялари*

*Расм Давлат Статистика Қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тузилган.

ЭИҲларнинг ривожланиши ҳудуддаги саноат маҳсулотлари ҳажми, тадбиркорликнинг ривожланиш даражаси, асосий капиталга инвестицияларнинг ўсиши, ташқи савдо кўрсаткичларига сезиларли таъсир кўрсатади. Жумладан, ушбу кўрсаткичлар тизими бўйича 2008 йилдан бошлаб фаолият олиб бораётган “Навоий” эркин иқтисодий ҳудуди жойлашган Навоий вилояти ҳамда 2016 йилдан бошлаб фаолият олиб бораётган “Ғиждувон” ЭИҲ жойлашган Бухоро вилоятларини таҳлил қилдик.

Шуни ҳам алоҳида этиборга олиш лозимки, 2007 йилда Бухоро вилоятининг ЯҲМ ҳажми 1 388,7 млрд сўм, Навоий вилоятининг ЯҲМ ҳажми 1 887,6 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2008 йилдан бошлаб эркин иқтисодий ҳудуднинг ташкил этилиши вилоят ЯҲМ ҳажмида ҳам ўз аксини топган. 2016 йилда Навоий вилоятининг ЯҲМ ҳажми 10 542 млрд сўм, Бухоро вилоятининг ЯҲМ ҳажми 10 924 млрд сўмни ташкил этганини кўришимиз мумкин. Ушбу кўрсаткич бўйича Бухоро вилоятининг ўсиш суръатлари Навоий вилоятидан катта. Аммо ушбу кўрсаткични таҳлил қилаётганда аҳоли сони ҳам аҳамиятга эга. Икки вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичларини бошқа кўрсаткичлар бўйича таҳлил қиламиз ва хулосага эга бўламиз.

4.2.-расм. Жами саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг ҳудудлардаги улуши*

*Расм Ўзбекистон Республикаси Статистика Қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланган.

 

2016 йилда ҳудудлар кесимида саноат ишлаб чиқаришнинг аҳоли жон бошига ҳажми Навоий вилояти – 11395 минг сўм, Тошкент шаҳри – 9761 минг сўм, Тошкент вилояти – 5998 минг сўм, Сирдарё вилояти – 4421 минг сўм ва Қашқадарё вилояти – 3151 минг сўмга тўғри келади.

4.3-расм. 2016 йилда ҳудудлар кесимида аҳоли жон бошига саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш (минг сўм)*

*Расм Ўзбекистон Республикаси Статистика Қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланган.

Навоий вилоятида бундай натижанинг сабаби сифатида ҳудудда йирик тадбиркорликнинг ривожланиши ҳамда ЭИҲнинг деярли ўн йилдан бери фаолият кўрсатиши билан боғлаш мумкин.

4.4-расм. Бухоро ҳамда Навоий вилоятларида саноат маҳсулотлари ҳажми, амалдаги нархларда, млрд сўм*

*Расм Ўзбекистон Республикаси Статистика Қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланган.

Юқоридаги жадвал асосида Навоий вилояти саноат маҳсулотлари ҳажми 2016 йилда 2000 йилга нисбатан 50 баробарга ошган бўлиб, 10657,9 млрд сўмни ташкил этган. Бухоро вилоятида бу кўрсаткич 5569,6 млрд сўмни ташкил этиб, 44 баробарга ўсиш кузатилган.

4.5-расм. Экспортда кичик бизнеснинг ҳудудлардаги улуши*

*Расм Ўзбекистон Республикаси Статистика Қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланган.

Навоий вилояти экспортда кичик бизнеснинг ҳудудлардаги улуши бўйича олдинги ўринларда эмас. Бунга асосий сабаб, вилоят экспорти улушида Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоий Цемент” заводи ва шунга ўхшаш ЭИҲда жойлашган йирик корхоналар улушига тўғри келишидир.

4.6.-расм. 2016 йилда аҳоли жон бошига асосий капиталга инвестицияларнинг ўсиш суръати (фоизда)*

*Расм Давлат Статистика Қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланган.

Аҳоли жон бошига асосий капиталга инвестициялар ҳажми бўйича юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳри – 4243,4 минг сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 131,0 %, мос равишда Бухоро вилояти – 3146,8 минг сўм ёки 120,9 %, Қашқадарё вилояти – 2305,7 минг сўм ёки 107,6 %, Навоий вилояти – 3043,7 минг сўм ёки 145,2 %, Сирдарё вилояти – 1557,3 минг сўм ёки 106,5 %  миқдорларида қайд этилди.

Шуни айтиш лозимки, Навоий вилояти сўнгги йилларда аҳоли жон бошига даромад миқдори бўйича ҳам (7 594.8 минг сўм) мамлакатда Тошкент шаҳридан кейинги икиинчи ўринда туради.

Юқоридагилар асосида қуйидаги хулосаларга келамиз:

  • Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, “Навоий” ЭИҲда ташкил этилган корхоналарнинг аксарияти тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда хом ашёни импорт қилиш ҳисобига фаолият юритмоқда. Фикримизча, “Навоий” ЭИҲда фаолият юритаётган корхоналар кўпроқ маҳаллий хом ашёдан фойдаланиши мақсадга мувофиқ. Бунинг натижасида корхонага хом ашё етказиб беришда маҳаллий тадбиркорларнинг иш фаолияти кенгаяди, энг муҳими, ЭИҲнинг катализаторлик хусусияти, унинг миллий иқтисодиётимизга интеграциялашганлик даражаси ортишига эришилади.
  • Эркин иқтисодий ҳудуд жойлашган вилоятнинг ЯММ ҳажми бошқа ҳудудларга нисбатан юқори бўлади;
  • ЭИҲлар вилоятнинг саноат ишлаб чиқариши, тадбиркорликнинг ривожланиши ва инвестициялар оқимининг турли кўрсаткичларида яққол кўзга ташланади;
  • ЭИҲларни ташкил этиш орқали мамлакат аҳоли яшаш даражасини ошириш, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, мамлакат очиқлик даражасининг ошишига эришади;
  • “Навоий” ЭИҲ мисолида кўрганимиздек, жаҳон хўжалигига интеграциялашув билан биргаликда ЭИҲларни ташкил этиш орқали мамлакатда тадбиркорлик (барча шакллари), саноат ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳолининг яшаш даражасини ошириш имконияти мавжуд бўлади.

4.3. Эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши натижасида тадбиркорлар  даромадининг ўзгариши

Жаҳон хўжалигида тадбиркорлар фаолиятининг даромадларини йиғиндиси – ялпи миллий даромаднинг маҳсулотлар йиғиндиси таркиб топган қисми ҳисобланиб, бу даромад қуйидаги формула билан аниқланади:

(1).

бу ерда:

Й – тадбиркорлар даромади йиғиндиси;

Cҳукуматнинг харажатлари

Г – хўжаликларнинг харажатлари;

И – инвестицияларнинг йиғиндиси;

Х – ташқи иқтисодий фаолият қолдиғи.

Тадбиркорлар фаолиятининг даромадларини аниқлаш формуласидан (1) кўриниб турибдики, ялпи миллий даромаднинг ортиши учун инвестицияларнинг кириб келиши ва ташқи савдо қолдиғининг мусбат даражаси (2) муҳим омиллардан бири бўлиб ҳисобланади. Эркин иқтисодий ҳудудларнинг ташкил этилиши эса – Республика иқтисодиётига инвестициялар оқимининг кўпайиши ва бунинг оқибатида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспорт қилиниши ортиб бориши натижасида ташқи савдо сальдосини мусбат даражасининг кўтарилишига таъсир кўрсатади.[8]

Инвестицияларнинг кириб келиши тадбиркорларнинг оладиган даромадларини ўсишига олиб келади. ЭИҲларнинг ташкил этилиши ялпи миллий даромадни кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади. ЭИҲларнинг ташкил этилиши билан экспорт қилиш қобилияти ҳам ўсади.

4.4.          Мамлакатда эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши унинг экспорт потенциалини ошириш омили сифатида

Бугунги кунда Бутунжаҳон савдо ташкилоти ва инвестицияларнинг ҳаракати барча мамлакатлар учун муҳим аҳамият касб этади, чунки давлатлар ўзларига фойда келтирувчи товарлар билан халқаро майдонда савдо-сотиқ ишларини олиб боради. Шунинг учун ҳам жаҳоннинг турли  мамлакатларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ҳаражати турлича бўлади. Бу ҳолатда мамлакатларнинг ишлаб чиқаришининг абсолют харажатлари (давлатлараро харажатлар эмас),  нисбий харажатлар, яъни ишлаб чиқаришнинг ўзини харажатларига устунлик мавқеига эга бўлади. Шунинг учун ҳам халқаро савдо-сотиқ майдонида  импорт қилинадиган товарларга кетадиган харажатлар, ўша мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган камроқ товарларга нисбатан бўлсада  импорт қилишга ихтисослаштирилади. Бундай усул экспорт қилинадиган товарлар учун ҳам қўлланилади, оқибатда товар ишлаб чиқариш учун кетадиган хом-ашё ва бошқа харажатларнинг камайиши ёки мамлакатда ЭИҲларнинг ташкил этилиши унинг экспорт потенциалини янада оширади.

Эркин иқтисодий ҳудудларнинг ташкил этилиши товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки, ЭИҲларнинг ташкил этилиши билан товар ишлаб чиқарувчилар ўзларининг ишлаб чиқарган маҳсулотларини халқаро майдонда сотиш ва ўзлари учун керакли бўлган маҳсулотларни воситачиларсиз сотиб олиш имкониятига эга бўлади. Тадбиркорлар эса белгиланган солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиши ва ўтказиладиган ҳисоб-китобларда, яъни миллий валюталар бозорининг шаклланиши ва ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Тадбиркорлик фаолиятининг асосий мақсади ҳукуматнинг ва жамиятнинг маълум бир товар ёки хизматга бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборатдир. Шунинг учун ҳам тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган товар маҳсулотлари ёки хизматлари билан бозорга чиқса, ана шу маҳсулотга талаби бўлган ва эҳтиёжи пул билан таъминланган харидор пайдо бўлади.

Бутун дунёда, айниқса ривожланётган давлатлар ҳукуматлари томонидан иқтисодиётни тармоқлаштиришни қўллаб қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш, янги ишчи ўринларини яратиш, шу билан бирга замонавий илғор технологиялардан фойдаланиш мақсадида ЭИҲлар самарали лойиҳаларини ишлаб чиқишга ҳаракат қиладилар[9].

Назорат учун саволлар

  1. Эркин иқтисодий ҳудудларнинг ташкил этиши натижасида тадбиркорлик фаолияти учун қандай имкониятлар яратилади?
  2. Экспорт потенциалини оширишда ЭИҲларнинг ўрни қандай?
  3. ТМКлар фаолитининг ривожланишида ЭИҲларнинг ўрни қандай аҳамиятга эга?
  4. Траст операцияларининг мазмун-моҳиятини тушунтиринг.

[1] Погребняк Егор Юрьевич. Эволюция и особенности СЭЗ (ОЭЗ) и ТОР в России и мире. Управление экономическими системами: электроннный научный журнал. https://cyberleninka.ru/article/n/evolyutsiya-i-osobennosti-sez-oez-i-tor-v-rossii-i-mire

[2] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Қарори. 2017 йил 10 апрель,196-сон. http://lex.uz/docs/3160010

[3] Global Free Zones of the Year 2018 – Winners. www.fDiIntelligence.com October/November 2018

[4] Данько Т.П., Округ З.М. Свободные экономические зоны. Учебное пособие. М.Инфра-М, 1998, С. 126.

[5] Thomas Farole, Cokhan Akinci,  Secial Economiz zones, The World Bank, 2011, p94.

[6][Электрон ресурс]:http://navoiy.uz/navoiy/1189-navoiy-erkin-i1178tisodiy-zonasida-yangi-loyi1202alarm.html

[7][Электрон ресурс]: http://kommersant.uz/uz/yangiliklar/eiz-ishtirokchilari-kamchilik-va-yutu-lar

[8] Эштаев А., Хайдаров Н. Эркин иқтисодий зоналар ва инвестициялар. Маърузалар матни. Т. ТДИУ, 2005.

[9] Thomas Farole, Cokhan Akinci,  Secial Economiz zones, The World Bank, 2011, p100.

 

 

 

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *