36452

ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ҲУДУДЛАР” ФАНИГА КИРИШ, УНИНГ ПРЕДМЕТИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

Режа:

  • “Эркин иқтисодий ҳудудлар” фанининг предмети
  • “Эркин иқтисодий ҳудудлар” тушунчасининг моҳияти
  • ЭИҲни ташкил этиш сабаблари ва мақсадлари
  • ЭИХларни жаҳон хўжалиги алоқаларидаги ўрни

Калит сўзлар:эркин иқтисодий ҳудудлар, эркин иқтисодий зоналар, эркин зона, “фанко зона”, резидент, иммтиёзли режим, божхона юрисдикцияси, ташқи савдо имтиёзлари, солиқ имтиёзлари, молиявий имтиёзлар, маъмурий имтиёзлар.

1.1.          “Эркин иқтисодий ҳудудлар” фанининг предмети

 

Жаҳон иқтисодиётида эркин иқтисодий ҳудудлар (ЭИҲ) хўжалик юритишнинг янги шаклларидан бири бўлиб, халқаро майдонда 50-60- йилларнинг бошларида пайдо бўлиб, 70-йилларнинг ўрталарида эса, жаҳон хўжалигида кенг оммавийлашиб борди.

Эркин иқтисодий ҳудудларнинг яратилишида ташкилотчилар томонидан олиб борилаётган очиқ иқтисодиёт тамойиллари муҳим аҳамият касб этади. ЭИҲларнинг фаолияти асосан ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва тезлаштириш билан боғлиқдир. Эркин иқтисодий ҳудудлардаги хўжалик ташқи олам учун юқори даражада очиқликка, божхона ва солиқ режимлари эса, ташқи инвестициялар учун қулайликка эга бўлади.

Эркин иқтисодий ҳудудлар мамлакатнинг шундай ҳудудики, бу ерга олиб кирилган товарлар миллий божхона юрисдикциясидан ташқарида ҳисобланади, бинобарин божхона назорати ва солиққа тортилишдан озод этилади, яъни бу ерда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида қўлланилмайдиган ўзига хос имтиёзлардан кенг фойдаланилади.

Эркин иқтисодий ҳудудни ташкил этувчи давлат бу ҳудудда ишчи кучини янги ташкил этилган корхоналарга жалб этиш билан бир қаторда, янгидан-янги иш юритиш жараёнларни ривожлантириб, рақобатлашувга қодир бўлган корхоналар яратиш хусусиятига ҳам эга бўлади.

Эркин иқтисодий ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятларидан бири, бу ҳудудлар таркибида қўшма корхоналарнинг биргаликда фаолият кўрсатиш тажрибаси ошиб борган сари эркин иқтисодий ҳудудда янги иқтисодий қонунларни ишлаб чиқиш учун кенг йўналишлар вужудга кела бошлаши билан бир қаторда раҳбар-мутахассисларнинг малакасини ошириш, уларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш вазифаси ҳам муҳим ўринлардан бирини эгаллаб боради.

Эркин иқтисодий ҳудудларнинг ташкил этилиши қайси мамлакатда бўлишидан қатъий назар макро ҳамда микроиқтисодиёт учун муҳим аҳамият касб этади.

Очиқ иқтисодиёт қарор топишининг муҳим бўғини сифатида Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар, хусусан, хорижий инвестициялар оқимини янада кўпайтиришда жаҳон амалиётида фаол ривожланиб бораётган эркин иқтисодий ҳудуд (ЭИҲ) ёки эркин иқтисодий зона (ЭИҲ)лар фаолиятини йўлга қўйишнинг кенг имкониятлари мавжуд.

1.2.          Эркин иқтисодий ҳудудлар тушунчасининг моҳияти

Маълумки, илмий адабиётларда ЭИҲларга умумий бир таъриф берилмаган. Россиялик олим Д.Адрианов ЭИҲларга қуйидагича таъриф беради: “Эркин иқтисодий ҳудудлар миллий ҳудуднинг бир қисми бўлиб, иқтисодий муаммолар ечимини топишда кенг имкониятларни яратиб беради. Хорижий ҳамда миллий тадбиркорликнинг иқтисодий фаолиятида муҳим қулайликларни яратади”[1]. Е.Ф.Авдокушин эса, “Эркин иқтисодий ҳудуд мамлакат ёки давлатнинг бир қисми бўлиб, аниқ бир ижтимоий- иқтисодий ва технологияларга оид муаммоларни ечимини ҳал қилишга йўналтирилиб, иқтисодий фаолият юритувчилар учун махсус шарт-шароитлар яратиб берадиган бошқарувнинг махсус маъмурий тизимига эгадир”[2] деб таъкидлаб ўтган эди. Жаҳон Банкининг бош иқтисодчиси Томас Феролнинг фикрича, “ЭИҲ асосан чуқур таркибий иқтисодий ўзгаришларни амалга оширишга, ишсизликни камайтиришга, экспортни диверсификация қилишга ва ривожлантиришга қаратилган махсус тажриба зоналаридир”3.

Жаҳон амалиётида 1973 йил 18 майда Киотода қабул қилинган Божхона тартибларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш Халқаро конвенциясида эркин зона (“фанко зоналари”) тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: “Эркин зона бу- миллий божхона ҳудудидан ташқарида бўлган товарларга объект сифатида қарайдиган, шу боис улар божхона назорати ва солиққа тортилмайдиган мамлакатнинг маълум қисми ҳисобланади”.

Айни дамда профессор К.А. Семёнов ушбу иборага ўз қарашларини келтиради. “Эркин иқтисодий зона(ЕИЗ)лар бу — маълум давлатнинг умумқабул қилинган тартибига нисбатан имтиёзли хўжалик фаолиятини тақдим этадиган географик ҳудудлардир. ЭИҲлар ҳамда уларнинг савдо ва инвестиция сиёсати кўплаб дунё олимлари, жумладан, В.Игнатов, В.Бутов, Т.П. Данъко ва З.М.Округ томонидан ўрганилган. Кўриниб турганидек, ЭИҲ тушунчаси ҳудудийлик, имтиёзлилик, ҳамда давлат ҳокимияти органларининг ҳудуддаги иқтисодий тузилмалар хўжалик фаолиятига кўрсатадиган таъсирининг чегараланганлиги каби маъноларни ифодалайди.

Олимлар В.Игнатов ва В.Бутов ўзларининг “Эркин иқтисодий зоналар”  номли ўқув қўлланмасида ушбу иборага  бу шундай таъриф келтирадилар: “Эркин иқтисодий зоналар бу-ташқи савдо, умумиқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий ва илмий технологик вазифаларни ҳал қилишга кўмаклашадиган миллий ва хорижий тадбиркорлар учун иқтисодий имтиёзли шароитлар яратилган маълум чегарадаги ҳудудлар, денгиз ва ҳаво портларидир”.

Россиялик иқтисодчилар Т.П. Данъко ва З.М.Округлар ҳам ЭИҲ тушунчасига кенг маъноли фикрни келтириб ўтадилар. Уларнинг таъриф беришича, “ЭИҲ деганда, мамлакат чегараларини диффузион кенгайтиришга кўмаклашадиган ишлаб чиқариш ва тақсимот муносабатларини ижтимоий — иқтисодий тартибга солувчи махсус механизмларидан фойдаланган ҳолда аниқ умуммиллий, интеграцион, корпоратив мақсадларга эришишда ижтимоий товарни ишлаб чиқарадиган ва тақсимлайдиган мамлакат (ёки мамлакатлар) хўжалик мажмуасининг таркибий қисми бўлган давлат (ёки давлатлар)нинг суверен ҳудуди тушунилади” .

Киото (Япония) шаҳрида 1973 йил 18 майда қабул қилинган “Божхона жараёнларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш бўйича халқаро конвенция” қарорларида  эркин иқтисодий ҳудудга олиб кирилган товарлар миллий божхона юрисдикциясидан ташқарида ҳисобланиши, бинобарин улар божхона назорати ва солиққа тортилишдан озод этилиши4  кўрсатилган.

Мамлакатимиз олимларидан А.В.Ваҳабов томонидан ЭИҲга қуйидагича таъриф берилган: “Эркин иқтисодий зоналар — шундай географик ҳудудки, унда мамлакатда қабул қилинган хўжалик фаолияти тартибига қараганда имтиёзли солиқ тўлаш тартиби жорий этилади. Бошқача сўз билан айтганда, ушбу ҳудудда давлатнинг иқтисодий жараёнларга аралашуви камайтирилади ва бу миллий иқтисодий маконнинг бир қисми бўлиб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида қўлланилмайдиган маълум имтиёзлар тизими жорий этилади”5.

С.С. Мирзалиеванинг фикрича “Эркин иқтисодий зона — мамлакат (ёки мамлакатлар) ҳудудининг муайян ижтимоий, иқтисодий, технологик вазифаларни ҳал этиш мақсадида барпо этиладиган, махсус маъмурий бошқарувга ва хўжалик юритувчи субъектларнинг имтиёзли режимига эга бўлган қисмидир ” 6.

Юқоридагилардан аён бўлганидек, ЭИҲ тўғрисида ягона аниқ тўхтамга келинмаган. Бироқ юқорида келтирилган фикр-мулоҳазаларини умумлаштирган ҳолда, қуйидаги хулосани чиқариш мумкин:

—        биринчидан, ЭИҲ бу — мамлакатнинг таркибий қисми ҳисобланади;

—        иккинчидан, ушбу ҳудудда қатор имтиёзлар тизими мавжуд бўлади;

—        учинчидан, импорт солиқлари ва божлари, импорт учун белгиланган турли назорат турларидан озод бўлган ҳудуд “эркин”ҳисобланади;

—        тўртинчидан, ЭИҲ резиденти бўлиш дегани мавжуд иқтисодий ҳуқуқ- тартибларидан мавҳумлашиш дегани эмас;

—        бешинчидан, ЭИҲ ташқи савдо, умумиқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий ва илмий-технологик вазифаларни ҳал қилишга кўмаклашади .

Демак, ЭИҲлар мамлакатнинг шундай ҳудудики, бу ерга олиб кирилган товарлар миллий божхона юрисдикциясидан ташқарида ҳисобланади, бинобарин божхона назорати ва солиққа тортилишдан озод этилади, яъни бу ерда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида қўлланилмайдиган ўзига хос имтиёзлар ва рағбатлантиришлар тизимидан кенг фойдаланилади.

1.3.          ЭИҲни ташкил этиш сабаблари ва мақсадлари

Жаҳон иқтисодиётида ЭИҲни ташкил этувчи давлат бу ҳудудда ишчи кучини янги ташкил этилган корхоналарга жалб этиш билан бир қаторда, иш юритиш жараёнларини  ривожлантириб, рақобатлашувга қодир бўлган янги корхоналарни яратиш имконига ҳам эга бўлади. Рақобатда ютиб чиққан товарлар ва моддий бойликларни жаҳон бозорига чиқиши эса, моддий жиҳатдан ривожланаётган давлатларга кўплаб даромад келтиради. Бундай имкониятлар албатта ривожланаётган давлатлар учун катта ижтимоий-иқтисодий аҳамият касб этади. Шундай қилиб, жаҳон иқтисодиётида ЭИҲлар миллий давлатларни иқтисодий ривожланиши учун кучли туртки бўлганлиги учун ҳам 70-йилларда халқаро майдонда ана шундай эркин иқтисодий ҳудудлар кўплаб ташкил этила бошланган эди. Бунинг асосий сабабларидан бири ташқи савдони ривожлантириш, чет эл мамлакатлари билан товар ва моддий бойликларни айирбошлашдир.

ЭИҲларнинг ташкил этилиши чет эл капиталини,  шунингдек халқаро меҳнат тақсимотининг жадал суръатлар билан ривожланишига ва шунингдек бошқа турдаги халқаро иқтисодий муносабатларнинг пайдо бўлишига ҳам олиб келади. Бундай ҳолатлар албатта, тармоқ иқтисодиёти учун чет эл инвестициясини, хориждаги янги фан-техника ва технология асосида ишлаб чиқарилган асосий воситаларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун жалб этишга асос бўлиб хизмат қилади.

Жаҳон иқтисодиётида эркин иқтисодий худудларни ташкил қилишнинг муҳим сабабларидан бири шундаки, кўпинча давлат иқтисодиётини капитал оқими учун тўлиқ очишни, ўзига хос инвестицион оқимни ҳамма жойда ишлатишни истамайди. Шунингдек маълум бир фаолият шакли ва ишлаб чиқариш соҳасини рағбатлантириш учун ташкил қилинган алоҳида  режимли махсус зоналар ҳам мавжуд бўлади. Масалан, қолоқ туманларни ривожлантиришни, қолоқ туманларни саноатлаштиришни рағбатлантирувчи махсус худудларни кўрсатишимиз мумкин. Шунинг учун эркин иқтисодий худудларнинг ташкил қилишнинг сабаблари ва мақсадлари ҳам ўзгача бўлиб, бир-бирига ўхшамаслиги мумкин.

1.4.          ЭИХларни жаҳон хўжалиги алоқаларидаги ўрни

Жаҳон хўжалигида ҳозирги кунда бир-бирига ўхшаш, лекин номлари турлича бўлган 2000 дан ортиқ ЭИҲлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларнинг 400 таси эркин савдо ҳудудлари, 400 таси илмий ишлаб чиқариш ҳудудлари, 300 таси ишлаб чиқаришга ихтисослашган экспорт ҳудудларни, 100 таси эса махсус ҳудудлардан (оффшор марказлари, рекреация ҳудудлари, экологик-иқтисодий ҳудудлар ва туристик ҳудудлар) иборатдир.[3] Оффшор марказларида жаҳон депозитларини 1/3 тўпланган бўлиб, бу депозитлар ҳажми 2005 йилда бутун жаҳон товарлар айланмасининг 10-25 фоизини ташкил этган.

Оффшор ҳудудларнинг асосий қисми АҚШда жойлашган бўлиб, 1996 йилда уларнинг сони 300дан ортиқ бўлган. 100га яқин оффшор ҳудудлар Ғарбий Европада жойлашган бўлиб, оффшор ҳудудларнинг 150 дан ортиғи ривожланаётган мамлакатлар ҳудудига тўғри келади (уларнинг 50 фоизи Лотин Америкаси мамлакатларига тўғри келади). ЭИҲларни тез ривожланишининг асосий хусусиятларидан бири бу- ҳудудларда (70-йилларда атиги 10та ЭИҲлар ташкил этилган бўлса, 80-йилларнинг бошларида 50 та, 90-йилларнинг бошида эса 300 га яқин ЭИҲлар фаолият кўрсата бошлаган, ривожланаётган мамлакатлардан бири Ҳиндистонда эса биринчи ЭИҲ 1965 йилда ташкил этилган) яратиб берилаётган имкониятлардир. Ҳозирги кунга келиб жаҳонда 4500 дан ортиқ эркин иқтисодий ҳудудлар мавжуд.

Бу имкониятлар ҳар иккала томон учун қурилиш, саноат ва бошқа кенг кўламдаги ишларни ривожлантиришни рағбатлантиради. Масалан, чет эл ишбилармонлари учун ЭИҲлар янги ишлаб чиқариш воситаларини сотиб олишга ва янги корхоналарини қурилишига катта миқдорда капитал қўйилмаларни сарф этиш имконияти туғилади. Шу билан бирга бу ишларни қисқа муддатда мукаммал бажаришга бўлган эҳтиёж ва шарт-шароит яратилади. Ишбилармонлар учун ишлаб чиқарилган маҳсулотни ўзлари учун маъқул бўлган баҳоларда сотиш ва ҳаттоки чет элларга экспорт қилиш имкониятлари  ҳам туғилади.

Ҳозирги кунда эркин иқтисодий зоналарда амал қиладиган имтиёзлар ва рағбатлантириш дастакларини тўртта гурухга ажратиш мумкин:

1.Ташқи савдо имтиёзлари. Бу имтиёзлар алоҳида божхона —тариф тартибини жорий этишни (экспорт —импорт тўловларини камайтириш ёки бекор қилиш) ва ташқи савдо операцияларини амалга оширишнинг соддалаштирилган тартибини қўллашни кўзда тутади.

  1. Солиқ имтиёзлари. Улар алоҳида фаолият турларини солиқлар орқали рағбатлантириш билан боғлиқ нормаларни ўзида акс эттиради. Бу имтиёзлар солиққа тортиш базаси (фонди, мулк қиймати ва бошқалар), унинг алоҳида ташкил этувчилари амортизация ажратмалари, иш ҳақига харажатлар, илмий — тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишлари, транспорт), солиқ ставкалари даражаси, солиққа тортишдан вақтинча ёки бутунлай озод қилиш масалалари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
  2. Молиявий имтиёзлар. Ушбу имтиёзлар турли хилдаги субсидияларни ўз ичига олади. Улар коммунал хизматлар учун паст нархларни тақдим этиш, ер участкаларидан ва ишлаб чиқариш иншоотларидан фойдаланганлик учун, ижара ҳақини пасайтириш, имтиёзли кредитлар тақдим этиш ва бошқалар

шаклида намоён бўлади.

  1. Маъмурий имтиёзлар. Улар эркин иқтисодий зоналар маъмурияти томонидан корхоналарни рўйхатдан ўтказиш жараёнлари ва хорижий фуқароларнинг кириш —чиқиш тартибини соддалаштириш, шунингдеқ, турли хилдаги хизматлар кўрсатиш мақсадида тақдим этилади.

Назорат учун саволлари:

  1. ЭИҲлар тушунчасининг моҳияти хақида маълумот беринг?
  2. Мамлакатлар иқтисодиёти учун ЭИҲларни ташкил этишнинг зарурияти нимада?
  3. Маҳаллий олимлар томонидан ЭИҲларга қандай таърифлар берилади?
  4. ЭИҲларнинг асосий вазифалари нималардан иборат?

[1] Адрианов В.Д. Специальные экономические зоны. «ЭКО» журнали, 1997, №3-сони, 42-бет.

[2] Авдокушин Е.Ф. Международные экономические отношения. Учебное пособие. М., 2004. 120-бет.

3 Thomas Farole, Cokhan Akinci,  Secial Economiz zones, The World Bank, 2011, p21.

4 Назарова Г.Г., Хайдаров Н.Х. Халқаро иқтисодий муносабатлар. Ўқув-қўлланма. ТДИУ. Т.: 2005й. 159 б.

5 Вахабов А.В., Хажибакиев Ш.Х., Муминов Н.Г. Хорижий инвестициялар. Ўқув қўланма. — Т.: Молия, 2010. – Б. 180.

6 Мирзалиева С.С. Эркин иқтисодий зоналарни ривожлантиришнинг хориж тажрибаси.: Автореф. дис. …и.ф. н. — Т.:ТДИУ, 2001. – Б. 8.

 

[3] Адрианов В.Д. Специальные экономические зоны. «ЭКО» журнали, 1997, №3-сони.

Leave A Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked *